Абитуриентлар учун автобуслар мунтазам қатнамоқда.

07.09.2020

Ҳар йилгидан фарқли равишда бу йил пандемия сабабли Бухоро вилоятида ҳам тест синовлари 02 сентябрдан бошланди. Кириш имтиҳонлари ўтказилиши муносабати билан ушбу кунларда йўловчилар оқимининг кескин суратда ошишини инобатга олиб, ҳамда йўл кира нархларининг асоссиз ошириб юборилишини олдини олиш мақсадида аҳолига ва абитуриентларга бирдек тезкор, қулай ва сифатли транспорт хизматини кўрсатилишини таъминлаш асосий вазифа этиб белгиланди. Бу йилги тест синовларида тест топширувчи абитуриентлар сони вилоят бўйича жами 66308 нафарни ташкил этиб, шундан 55277 нафари вилоятнинг туманларидан келиб тест топширувчи абитуриентлар ҳисобланади.  

Тест синовлари ўтказилаётган Бухоро шаҳридаги Бухоро, Умид спорт мажмуалари ва Дилькушо теннис марказларида туманлардан абитуриентларни ушбу тест синовлари ўтказиладиган мажмуаларга олиб келиш ва уларни ўз манзилларига қайта олиб бориб қўйиш учун бошқарма ва вилоят ИИБ ЙҲХБ билан ҳамкорликда жами 77 та автобус ажратилиши ташкиллаштирилди, йўл кира нархи белгиланган тариф асосида шакллантирилди. Барча автобуслар дезинфекцияланиб, ташувлар санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Автобуслар барча туман ҳокимликлари бинолари олдидан эрталаб соат 05-00 да биринчи смена учун, соат 15-00 да иккинчи смена абитуриентларини ташиш учун ҳаракатланмоқда. Эслатиб ўтамиз, бунда йўналишдаги автобуслар одатдагидек ўз графиги асосида ҳаракатланади. Ҳозирги кунга қадар 9000 дан ортиқ абитуриентларга сифатли хизматлар кўрсатилди. Ҳар бир туман марказидан автобуслар қатнови йўлга қўйилган бўлсада, автобуслар хизматидан фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам кўзга ташланиб турипти.

Шу ўринда ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизни махсус ташкил этилган автобусларда тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга юборишингизни сўраймиз, бу ортиқча оворагарчиликларни, Сиз дуч келишингиз мумкин бўлган йўл кира нархлари сунъий оширилишини олдини олибгина қолмай, ташишлар Республика махсус комиссияси томонидан белгилаб берилган санитария талаблари асосида вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари кузатуви остида амалга оширилаётганлиги фарзандларингизнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.