Абхазияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Россия томонидан давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан сўнг Ватанга қайтарилади

02.10.2020

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб-саҳифасида Тезкор штабнинг Абхазияда бўлиб турган бир гуруҳ юртдошларнинг Ўзбекистонга қайтишда кўмак бериш бўйича мурожаати тўғрисидаги маълумоти эълон қилинди.

“Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасига Абхазия ҳудудида бўлиб турган 400 га яқин Ўзбекистон фуқаросининг Ватанга қайтишда кўмак бериш тўғрисидаги мурожаати келиб тушди, - дейилади хабарда. - Ушбу муаммони зудлик билан ҳал этиш мақсадида мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси Россия томонига юртдошларимизни Ватанга қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан яна бир бор тегишли мурожаат юборган”.

Фуқароларимизнинг тезкор ёрдамга муҳтожлардан (аёллар, ҳомиладорлар, қариялар ва болалар) иборат биринчи гуруҳини шу йилнинг октябрь ойи бошларида Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилгани таъкидланган.

“Қолган фуқаролар Россия томонидан давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилади”, - деб аниқлик киритилган Тезкор штаб хабарида.