РАСМИЙ БАЁНОТ.
Бухоро вилоятидага барча йўловчи ташиш билан шуғулланувчи корхона раҳбарларига!!!
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолати ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, карантин чекловлари жорий йил 8 майдан бошлаб "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилди.
Бухоро вилояти сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар мунтазам аниқланганлиги туфайли «қизил» ҳудуд тоифасига киритилди. Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан «қизил» ҳудудда мавжуд карантин чекловлари сақлаб қолиниши ҳамда вазиятга қараб қайта кўриб чиқилиши белгиланган. Шунинг учун Бухоро вилояти ҳудудида махсус рухсатномасиз шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатига чекловлар сақлаб қолинди. Махсус комиссиянинг қарорига асосан ҳозирда лицензия варақалари билан таъминланган йўналишсиз таксилар фақатгина етказиб бериш (йўловчиларсиз) хизмати билан ўзлари рўйхатдан ўтган ҳудуд доирасида шуғулланишлари мумкинлиги белгиланган.
Шу билан "карантин" қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари асосан маъмурий жавобгарликка ҳамда Кодекснинг 54-моддасига асосан БҲМ нинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мавжуд карантин чекловларини тўғри қабул қилган ҳолда жамиятингиз ҳайдовчилари билан мазкур карантин қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлиги ҳамда карантин қоидаларини бузган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши мумкинлиги тўғрисида тушунтиришлар олиб боришингиз сўралади.