Транспорт соҳасини барқарорлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди

26.05.2020

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 

Коронавирус пандемияси оқибатида бутун дунёда транспорт соҳасидаги давлатлараро алоқалар деярли тўхтаб қолди. Биргина авиация тармоғининг ўзида йил якунига қадар 113 млрд доллар зарар кўрилиши тахмин қилинмоқда. 

Мамлакатимизда ҳам карантин туфайли транспорт корхоналари 340 млрд сўм зарар кўрган. Юртимизда эпидемиологик вазият яхшилангунга қадар бу рақамлар янада ошиши мумкин. 

Шу сабабли, соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Жумладан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” АЖ ларининг 122 млн доллар кредит тўловларининг муддати узайтирилди, 60 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди, инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 млн доллар айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди. 

Йиғилишда янгича шароит ва талаблар асосида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Транспорт вазирлигига “Uzbekistan Airways” вa “Uzbekistan Airports” АЖларни пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Европа-Хитой йўналишида юк ташиш бозорига кириш орқали қўшимча даромад олиш, жорий ва инвестициявий харажатларини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди. 

Рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, “Uzbekistan Airways” ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масалалари кўриб чиқилди. 

Аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикчиликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди. 

Пандемия даврида темир йўл орқали юк ташишга талаб кескин кўпайган. Хусусан, халқаро юк ташувларида темир йўлнинг улуши 75 фоиздан 87 фоизга ошди. Лекин, “O‘zbekiston temir yo‘llari” АЖ тизимида асосий воситаларнинг эскирганлиги, жамият таркибида носоҳавий активларнинг кўплиги асосий фаолиятни ривожлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Шунинг учун “O‘zbekiston temir yo‘llari” АЖ таркибидаги носоҳавий корхоналарни оптималлаштириш, тарифларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, вагон ва локомотивлар паркини янгилаш бўйича топшириқлар берилди. 

Шунингдек, йиғилишда автомобиль транспортида юкларни халқаро йўналишларда ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сўнги 3 йилда республика миқёсида халқаро йўналишларда юк ташиш билан шуғулланувчи автотранспорт воситалари сони 3 баробарга ошиб, юк ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етди. 

 

Президент ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканлигини қайд этиб, 80 минг километр узунликдаги ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада дунё тажрибасидан келиб чиқиб "фойдаланувчи тўлайди" тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. 

“Қамчиқ” довонида муқобил туннел қурилишини ўз ичига олувчи “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди.