“Транспорт тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига қандай зарурат бор?

09.06.2020

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор янги қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда. Ушбу ҳужжатлар муҳокамасида, энг аввало, уларнинг халқимиз ҳаётига нечоғли заруратига, аҳамиятли жиҳатларига эътибор қаратиляпти. “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси — ана шулардан бири.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишига қандай зарурат бор? Унинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Қонун лойиҳасига масъул — Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоларининг фикрича, бугунги кунда транспорт фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб, булардан “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунлар, Ҳаво кодекси ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатларини келтириш мумкин. Бироқ, барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ва уйғунлашган ўзаро алоқасини таъминлайдиган, уларни самарали логистика, аралаш йўналишлар сонини кенгайтириш орқали ягона транспорт тармоғига интеграция қилиш йўлларини аниқлайдиган ягона қонун йўқ.

Транспортнинг турлари — авиация, темир йўл, автомобиль, сув транспорти — бир-биридан алоҳида, ўз соҳасига оид мақсадларга интилиб ривожланган. Аслида, транспорт йўлларида мазкур транспорт турлари ўртасида ўзаро мувофиқлаштириш мавжуд эмас.

Кўриб чиқилаётган “Транспорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва тармоқ қонун ҳужжатлари тенг юридик кучга эга. Санаб ўтилган барча қонун ҳужжатлари (режалаштирилгани ҳам, амалдагилари ҳaм) бир-бирига зид булмаган, бир вақтнинг узида ишлайдиган, бир-бирини тўлдирадиган ва тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни белгилайди.

— Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади — автомобиль, ҳаво, сув, темир йўл, шаҳар йўловчи транспорти фаолияти ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ташкилий асосларини белгилашдан иборат, — дейди парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Ваҳобжон Муратқобилов. — Биласизми, биз қонун лойиҳасини қўлимизга олишимиз билан нималарга эътибор қаратдик. Уни ишлаб чиқиш пайтида, идоралараро ишчи гуруҳи томонидан барча тармоқ қонун ҳужжатларини ягона қонунга бирлаштириш масаласи кўриб чиқилгани диққат марказимизда бўлди. Масалан, АҚШда катта ҳажмли Модель транспорт кодекси бор. Бундай бирлаштириш мақсадга мувофиқ эмас, деган қapop қабул қилинган. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини, албатта, уни янада муҳокама қилиш чоғида кўришимиз мумкин.

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ташиш шартномасини тузиш, кира ҳақи, ташиш шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича жавобгарлик ва бошқалар асосида амалга ошириладиган тижорат транспорт фаолиятини назарда тутувчи Фуқаролик кодексининг йўловчи, багаж ва юк ташишга оид боби асос қилиб олинган.

Мамлакат транспорт комплекси ривожи учун транзит сиёсати биринчи даражадаги муҳим омиллардан саналади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати халқаро транспорт коридорларини ривожлантиришда йиғилиб қолган жиддий муаммоларни ҳал қилиш учун мўлжалланганидир.

Қўмита раисининг қайд этишича, қонун лойиҳасида транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш, Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, ушбу соҳада давлат назорати, транспорт фаолиятини лицензиялаш, транспорт воситаларини сертификатлаш ва транспорт тарифлари акс этган. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига бир қатор ваколатлар бериш кўзда тутилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида муфассал кўриб чиқилади.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида бир қатор имкониятлар пайдо бўлади. Чунончи, амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари Ўзбекистон Президентининг транспорт соҳасидаги ҳужжатларидан келиб чиқадиган талабларга мувофиқлаштирилади, қонунчиликдаги мавжуд камчиликлар бартараф этилади. Транспорт фаолиятини, шу жумладан, аралаш ташишларни амалга оширишда транспорт ташкилотлари ва улар хизматларидан фойдаланувчилар ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари яратилади. Энг муҳими, миллий транспорт тизимининг халқаро транспорт-логистика тизимига интеграциялаш жараёнларини чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратилади.

 Манба: Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги.