"Очиқ осмон" режимининг қулайликлари.

23.06.2020
Жорий йилнинг 1 августидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудий аэропортларида «Очиқ осмон» режими жорий этилади.
 
«Очиқ осмон» режими нима дегани? Бу режим жорий этилса, миллий авиакомпания фаолиятига салбий таъсир қилмайдими? Йўловчиларга қандай имкониятлар берилади, нархлар арзонлашадими?
 
ЎзА мухбири шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек ЧОРИЕВ билан суҳбатлашди.
 
– 2020 йил 12 июнь куни транспорт вазирининг Ўзбекистон Республикаси аэропортларида «Очиқ осмон» режимини жорий этиш тўғрисидаги буйруғи чиқди. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ юртимизда фуқаро авиацияси ва туризм соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.
 
«Очиқ осмон» режими 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб Халқаро ҳаво транспорти ташкилотининг «Қиш 2022/2023» мавсуми якунигача икки йил муддатга уни узайтириш ёки шартларни ўзгартириш имконияти билан Ўзбекистон Республикасининг 10 та ҳудудий аэропортида «бешинчи ҳаво эркинлиги» ҳуқуқини қўллаган ҳолда жорий этилади.
 
Буйруққа мувофиқ «Очиқ осмон» режими Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро, Навоий ва Урганч шаҳарларидаги аэропортларда ҳеч қандай чекловларсиз ташкил этилади. Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд шаҳарларидаги аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатларнинг авиакомпанияларига уларнинг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда парвозлар сони чекловларисиз Ўзбекистон Республикаси ташувчилари фойдаланмаган йўналишларда «бешинчи ҳаво эркинлиги» ва йўловчи парвозларини амалга ошириш ҳуқуқи билан амалга оширилади.
 
Самарқанд шаҳридаги аэропортда қайта таъмирлаш ишлари якунлангач, жорий этилади. Мазкур режимга мувофиқ Навоий ва Термиз шаҳарларидаги аэропортларда хорижий авиакомпанияларга юк ташиш парвозларини амалга ошириш учун «еттинчи ҳаво эркинлиги»га қадар бўлган ҳуқуқлар берилади.
 
– Шу ўринда савол туғилади: «Очиқ осмон» режими нима дегани?
 
– Фуқаро авиациясида «Очиқ осмон» режими хорижий авиакомпаниялар учун мамлакат аэропортларидан фойдаланиш шартларини эркинлаштириш ва киришни енгиллаштиришни англатади. Ҳаво қатновини эркинлаштириш деганда 1944 йилда «Халқаро фуқаролик авиацияси тўғрисидаги конвенция»да ҳаво қатновини тартибга солишнинг белгиланган меъёрларини босқичма-босқич кенгайтириш ва «Очиқ осмон» деб номлаган махсус авиация режимларини яратиш тушунилади. Жами 9 та даража бўлиб биз учун энг қулайи «бешинчи ҳаво эркинлиги» даражасидир.
 
Хорижий авиакомпанияларнинг юртимизга кириб келиши иқтисодиётимизга каттагина фойда келтиради. Масалан, Самарқанд аэропортига қўнган хорижий авиакомпания самолёти учиш йўлаги учун пул тўлайди. Шунингдек, аэропортда қолган ҳар бир соати, ёқилғи олгани ва бошқа хизматлар учун ҳам пул тўлайди. Самолётдаги йўловчилар ҳам аэропорт терминалидан, автотранспортдан фойдаланади, меҳмонхонада туради. Хуллас, улар молиявий оқимни оширади.
 
– Бу миллий авиакомпания фаолиятини чеклаб қўймайдими?
 
– «Очиқ осмон» режимидан фойдаланган бошқа авиакомпаниялар миллий авиакомпаниямиз фаолиятига тўсиқ бўлмайди, аксинча ёрдам беради. Мазкур режим татбиқ қилинган мамлакатларнинг миллий авиакомпаниялари янада ривожланганини кузатдик. «Очиқ осмон» режими рақобатни кучайтириб, миллий авиакомпаниямиз ривожланишига туртки бўлади.
 
– “Очиқ осмон” режими йўловчиларга қандай имконият беради? Нархлар арзонлашадими?
 
– Ўзбекистон хорижий авиакомпанияларга янги бозорини очиб бермоқда. Бу йўловчиларимизга янги манзилларга бошқа авиакомпания орқали бориш имконини беради. Мамлакатимизга келадиган туристлар, инвесторларга қулайлик яратади. Фуқароларимиз олисдаги биз бора олмайдиган давлатларга тўғридан-тўғри рейслар орқали бориши мумкин.
 
Улар ўзи турган ҳудуддан учинчи давлатга тўғридан-тўғри парвоз қилиш имкониятига эга бўлади. Масалан, Бухоролик йўловчи Истанбулга бориши учун Тошкентга келиши керак. «Очиқ осмон» режими ишга тушгач эса, йўловчилар тўғридан-тўғри Истанбулга парвоз қилаётган авиакомпания хизматидан фойдаланади. Бир йўналишда бир нечта авиакомпания хизмат кўрсатса, табиийки, рақобат пайдо бўлади. Рақобат бўлганидан сўнг йўловчида танлаш имконияти яратилади. Хизматлар кенгайгани сари нархлар ҳам арзонлашиши эҳтимоли юқори. Авиакомпаниялар арзон нарх таклиф қилиш билан биргаликда қўшимча хизматларни ҳам тавсия этиши мумкин.
 
– “Очиқ осмон” режими нега айнан 2020 йилнинг 1 августидан бошланади?
 
– Мунтазам парвозларни амалга ошириш иккита – қишки ва ёзги мавсумдан иборат. Янги йўналишларда парвозларни ташкиллаштириш ва амалга оширишга қизиқиш билдирган ёки амалдаги парвозлар сонини оширишни режалаштирган хорижий авиакомпаниялар тайёргарликни ана шу мавсумларга қараб бошлайди. Тайёргарлик жараёни ҳам маълум вақтни олиши табиий. Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб боришни хоҳловчи хорижий авиакомпаниялар ўрнатилган тартибда талаб этилган ҳужжатларни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзавиация» агентлигига ёки Транспорт вазирлигининг Ҳаво транспортини ривожлантириш департаментига топширишлари лозим. Алоҳида таъкидлашим керакки, амалга оширилаётган барча парвозлар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
 
– Демак, бу режим туризм соҳасини янада ривожлантиради.
 
– Ушбу режимни жорий этишдан мақсад – республикамизнинг туристик оқимини ошириш ҳамда минтақавий авиация маркази сифатида салоҳиятини ривожлантириш. Мамлакатимизга келган ҳар бир турист яхши таассурот билан кетса, у яна Ўзбекистонга қайтиб келади. Бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуд аэропортларидаги инфратузилма янгиланади. Аэропорт ичида йўловчиларга барча қулайлик яратилади.
 
«Очиқ осмон» режими қўшимча ишчи кучи, хизматлар яратади. Ҳудудлардаги раҳбарлар туризм бўйича агентликларни жалб этиб, туристлар оқимини ошириш бўйича янги хизматларни жорий этади. Ҳудудий аэропортлар мустақил иш юритиб, ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, кўпроқ йўловчиларни жалб этишга интилади. Ҳар бир ҳудуд аэропорти туристларни жалб этиш учун қўшимча хизматлар жорий қилишга уринади.
 
                                                                    Хуршид ҚОДИРОВ суҳбатлашди, ЎзА